Март ойида ўқиган китобларим

05.03.2019

Ўн биринчи довон. Очерк ва публицистика (Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1985)

Оддий ўқувчи учун зерикарли туюлиши мумкин, аммо журналистика тарихи билан қизиқувчилар учун яхши манба. Китобда 11-беш йилликда (СССРда ҳар беш йилликнинг дастурию режаси тузилгани маълум, ҳозирги ривожланиш стратегияси каби) амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида ёзилган энг сара мақолалар жамланган. Аксар мақолалар асосан қишлоқ хўжалиги ва қисман саноат ва маданиятда эришилган “улкан ютуқлар” ҳақида.

Мақолаларда ўша даврнинг “буюк бунёдкорлик” нафаси сезилса-да, журналистика, услубият жиҳатдан айрим жиҳатларни ўрганса бўлади. Анча-мунча танқидий-таҳлилий фикрлар ҳам бор. Одил Ёқубов “Ўқитувчининг қадри” мақоласида миллат зиёлиларининг камписандлигига уларнинг ўз устида кам ишлаётганини сабаб қилиб кўрсатган. Ўткир Ҳошимов “Ҳушёр бўлинг, одамлар!” мақоласида жаҳондаги қуролланиш пойгаси, “Американинг кирдикорлари” ва тинчлик масалаларини баён қилган.

“Шаҳар ўртасидаги бир туп оқ ўрик” мақоласида Тошкентда мевали боғлар йўқ бўлиб кетаётгани қаламга олинади. Муаллиф Дадахон Нурий илгари Талабалар шаҳарчаси ўрнида ёнғоқзор, нашватизор, Чилонзор ва Юнусобод мавзелари ўрнида жийдазор, узумзор ва ўрикзор бўлганини мароқ билан эсларкан, боғлар бузилиб, ўрнига биною иморатлар қурилаётганини танқид қилади. Нурали Қобулнинг “Нурота камалаги” мақоласида эса дунёга донғи кетган Ғозғон мармари ва уни ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолардан баҳс этилган.

 

15.03.2019

Эркин Аъзамов. Олам ям-яшил (Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1984)

Тўпламга адибнинг 1979-1983 йилларда ёзган саккиз ҳикояси киритилган. “Анойининг жайдари олмаси” – ўзбек адабиётининг энг зўр ҳикояларидан бири. “Турмуш” ҳикоясини аввал ўқимаган эканман. Оилавий муносабатлар теран бадиий тадқиқ этилган асар экан. “Боғбололик Кўкалдош” Сурхон элининг танти инсонлари ҳақида. “Қор босган довон”ни ўқиб, мен ҳам қаҳрамонлар билан бирга қаҳратонда юк машинасида йўл босгандек бўлдим.

 

30.03.2019

Фёдор Достоевский. Преступление и наказание (Москва, “Азбука-классика”, 2010)

Энг узоқ ўқиган китобларимдан бири. Қачонлардир ўзбекчасини бошлаб, сўнг ташлаб қўйгандим. Русчасини ҳам оз-оздан, қарийб 5 ойда тугатдим. Мутолаа оғир кечди. “Телба”ни эса жуда тез тугатгандим.

Роман қаҳрамони, университетнинг собиқ талабаси Родион Раскольников аянчли қашшоқликдан қутулиш, катта маблағ ва мавқега эга бўлиш, сўнг инсониятнинг олий мақсадлари йўлида хизмат қилиш ниятида даҳшатли назария ишлаб чиқади ва қотилликка қўл уради. Оқибатда эса изтиробу уқубатлар домида қолади.

Очиғи, жаҳон адабиётининг энг яхши романларидан бири дея эътироф этилган, кўплаб давлатларнинг мактаб дастурига киритилган ушбу роман менинг руҳиятимга тўғри келмади. Асарнинг бу қадар мақтов ва довруқ қозонгани сабаби нима, деган саволга жавоб топиш илинжида, гарчи ёқмаса-да, уни сабр билан охиригача ўқидим. Аммо барибир саволимга тўкис-тугал жавоб топа олмадим. Бошқаларнинг тақризларини ҳам ўқигим келмади.

* * *

Одатда бирон китобни бошласам, 40-50 бет ўқиб кўраман. Ўзига торта олса, давом эттираман, бўлмаса мутолаани бас қиламан. Руҳиятимга мос келмаслиги, зерикарли экани, тили (услуби, имлоси) ва таржимаси дағаллиги, муаллиф фикрига тушуна олмаслигим сабаб китоблардан кўнглим тўлмаслиги мумкин. Сўнгги йилларда айни шу сабабга кўра “Улисс” (Жеймс Жойс), “Ёш Вертернинг изтироблари” (Гёте), “Жараён” (Франц Кафка), “1984” (Жорж Оруэлл), “Помпеянинг сўнгги кунлари” (Эдуард Бульвер-Литтон) каби китобларни ташлаб қўйганман.

* * *

Мутолаа тажрибам ҳақида кўп савол беришади. Бу саволга шундай жавоб бераман: кунига камида бир соат вақтингизни китоб ўқишга ажратинг. Муҳими, орада узилишлар бўлмасин. Китобнинг анъанавий, электрон ёки аудио форматда бўлишининг фарқи йўқ. Ишга бориш-келишда, автобус ёки метрода мутолаага бемалол вақт топилади. Аввал-бошда қийин кечиши мумкин. Дастлаб китобнинг 30-40 бетини ўқинг. Тушунмасангиз ёки ёқмаса, давом эттирмай қўяқолинг. Бошқа маъқулроқ китобни топиб ўқинг. Агар мия қабул қилса, мутолаа вақтини бир кунда бир соатдан ҳам оширишингиз мумкин. Ана шунда бир ойда 5-6 та китобни ўқиб қўясиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *